«Верона» ҳужумчиси Лука Тони ўз футболчилик фаолиятини якунлашини маълум қилди. Унинг билдиришича, А Сериянинг 37-турида «Ювентус»га қарши кечадиган ўйин фаолиятидаги сўнггиси бўлиб қолади.

«Якшанба кунги баҳс менинг профессионал футболчилик фаолиятимдаги охиргиси бўлиб қолади.

Бу қарорга келиш жуда оғир бўлди. Лекин мухлислар билан Веронадаги стадионда хайрлашаман.

Менда жамоа президенти билан ҳеч қанақа келишув бўлмади. Бизнинг шартномамиз шу мавсум охиригача тузилганди. Агар менинг ғояларим жамоа ғоялари билан мутаносиб келса, мен шу ерда ишлашда давом этишдан хурсанд бўлардим», – деган Тони.

Айни вақтда 39 ёшга чиққан Тони турли йилларда «Палермо», «Фиорентина», «Бавария», «Рома» ва «Ювентус» жамоалари сафида тўп сурган.

Тони Италия терма жамоаси сафида 2006 йилда жаҳон чемпиони бўлган. Шу йилда «Бавария»да Германия чемпионлиги ва мамлакат кубоги ғолиблигига эришган.

У Италия чемпионатида икки марта мавсум тўпурари бўлган (2005/06 – 31 гол, 2014/15 – 22тадан гол, Мауро Икарди билан бирга) ва «Олтин бутса»ни қўлга киритган.