Мадрид мэри қочқинлар Европа учун хазина деб ҳисоблайди

Жаҳон 04 Май 2016 2415

Испания пойтахти мэри Мануэла Кармен қочқинларни Европа учун хазина деб ҳисоблашини маълум қилди. Бу ҳақда у 3 май куни журналистлар билан интервью чоғида билдирди, деб хабар беради ТАСС. 

Мэрнинг сўзларига кўра, қочқинларни қабул қилиш бўйича шаҳар ҳокимиятининг ўз тизими мавжуд. “Дастлаб биз уларни жойлашиб олишлари учун қўллаб-қувватлаймиз. Вақтинчалик бошпана, кейин тил ўргатиш курслари, иш излаш ҳамда болаларни ўқитишни кўзда тутувчи дастуримиз ҳам бор”, - деди Кармен. 

Бироқ мэр Испания пойтахти айнан қанча қочқинни қабул қилиши тўғрисида аниқ маълумот беролмади. “Биз ушбу мақсадлар йўлида 10 миллион евро ажратганмиз, бироқ биз аниқ қанча қочқинни қабул қилишимизни билмаймиз. Аввалига 4 минг, кейин 5 минг ёки 10 минг қочқин тўғрисида муҳокама қилдик”, - дейди Кармен.

Унинг сўзлари бўйича, Испанияга Шимолий Африкадан қочқинлар кириб келади, уларнинг кўпчилиги кейинчалик ЕИ бошқа давлатларига ўтиб кетади, чунки у ерда қариндошларини топадилар. 

Мадрид мэри Туркия ва Европа Иттифоқининг қочқинлар масаласида келишувига изоҳ берар экан, “дунё улкан инсоний изтиробларига гувоҳ бўлаётган”ини билдирди. “Қочқинлар жуда ёмон шароитларда яшамоқда, бу адолатдан эмас. Уларнинг ҳам Европада яшашга ҳақи бор. Менимча, бу Европа учун қандайдир салбий нарса эмас, балки хазинадир”, - деб ҳисоблайди Кармен. Унингча, ЕИ қочқинларни жойлаштириб, “бир йил ичида уларни турли касбий фаолиятларга жалб эта олган бўларди”. 
Шунингдек, мэр Европанинг мигрантларга муносабати тез орада ўзгаришига умидини баён қилди.

Кўпроқ янгиликлар