Нью-Йоркнинг Метрополитен музейида мода оламидаги энг муҳим тадбирлардан бири бўлган Met Gala бали ўтказилди. 

Мазкур тадбир ҳар йили, май ойининг биринчи душанбасида ўтказилади ва барча машҳур юлдузлар белгиланган дресс-кодга риоя қилган ҳолда кечага ташриф буюришади. Бу тадбирни Ҳолливудда «Модалар Оскари» деб ҳам аташади. Бу йилги бал Metropolitan музейидаги янги кўргазманинг очилиш маросими билан бирга ташкил этилди. Жорий йилда тадбирнинг мавзуси «Manus x Machina: Fashion in the Age of Technology» («Қўллар машиналарга қарши: технологиялар асридаги мода») бўлиб, у қўл меҳнати ва либос яратишнинг янги методларига бағишланди.

Тадбирда Ҳолливуднинг таниқли юлдузлари, машҳур дизайнерлар ва кўплаб обрўли шахслар иштирок этди. Футуризм шиори остида ўтказилган кечада юлдузлар асосан, “кумуш”, “темир”, каби аксессуарлардан фойдаланган ҳолда ноодатий, “совуқ” рангдаги либосларда ташриф буюришди. Буни қизил йўлакча бўйлаб олинган суратлар орқали ҳам кўришингиз мумкин. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда Met Gala бали Vogue U.S. бош муҳаррири Анна Винтур, хонанда Тейлор Свифт, актёр Идрис Элба ҳамда Apple бош дизайнери Жонатан Ив бошчилигида ўтказилди.