Португалия полицияси "Лейрия" футбол клуби президенти Александр Толстиковни қамоққа олди. Бу ҳақда "А Бола" нашри хабар тарқатган.

3 май куни шу нашрда полиция мамлакат пойтахтидаги "Бенфика", "Спортинг" ва "Брага" жамоалари офисларида тинтув ўтказгани ҳақида хабар берганди. Бугун полициячилар жамоа маъмури Юрий Зайцев ва исми айтилмаган ҳисобчини ҳам ҳибс қилишган.

Манбанинг ёзишича, текширувлар пойтахт жамоаларининг "Лейрия"дан россиялик футболчиларни трансфер қилиш жараёни билан боғлиқ. "Лейрия" жамоаси 2015 йилнинг 3 июлида профессионал клуб мақомини олган ва ҳозирда Португалия чемпионатининг учинчи дивизионида иштирок этмоқда. Россиялик футбол агенти ҳамда тадбиркор Толстиков 2014 йилдан бошлаб бу жамоанинг акционери бўлганди.

Айни вақтда бу жамоада 4 нафар россиялик футболчи Никита Голдобин, Егор Никулин, Анатолие Николаеш ва Кирилл Костин ўйнайди. Шу йилнинг қишида россиялик футболчи Томас Рукас ("Зенит" тарбияланувчиси) жамоани тарк этиб  Лиссабоннинг "Спортинг" жамоасига ижара асосида ўтганди. "Лейрия"нинг яна бир собиқ футболчиси Виталий Лысцов эса 2015 йилдан буён "Бенфика" аъзоси ҳисобланади.

Маълум қилинишича, полиция Лысцов, Рукас ҳамда Толстиковнинг яна бир мижози, ўз вақтида "Брага" ва "Риу Аве" жамоалари дарвозасини қўриқлаган, айни вақтда "Краснодар" сафида бўлган Станислав Крицюкнинг трансферлари билан боғлиқ бу ишни  "Матрешки операцияси" дея номлаган.

Текширувлар якунида Толстиковга пул ювиш, солиқларни тўлашдан қочиш ва жиноий гуруҳ ташкил қилиш айблари қўйилиши мумкин.