Огайо штати губернатори, АҚШ президентлиги учун сайловларда республикачилар партиясидан номзод бўлган Жон Кейсик ҳам пойгани тарк этишга қарор қилган. Шу тариқа, Дональд Трампнинг партия ичидаги рақиблари қолмади. Бу ҳақда бир вақтда NBC телеканали ва Ассошиэйтед пресс ахборот агентлиги ўз манбаларига асосланиб хабар тарқатган.

Сиёсатчи бу ҳақда кун охирига бориб расман маълум қилиши айтилган.

У губернатор сифатида машҳур бўлишига қарамасдан фақат ўз штатидагина сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашига эришди.

Бундан олдинроқ, Трампдан Индианадаги праймеризда ортда қолган республикачи номзод, техаслик сенатор Тед Круз сайловдаги иштирокини якунлаши ҳақида маълум қилганди.

Жон Кейсик Вашингтонда бугун бўлиб ўтиши керак бўлган, кампанияси доирасидаги учрашувларни бекор қилган, унинг ўрнига ўз штатидаги сайловчилар билан учрашув белгилаган.

Бундан олдинроқ "Юлдузлар жанги" фильми услубида реклама ишланган, унда Кейсик ўзини Трампга қарши "ягона умид" дея атаганди.

Айни вақтда Трампда 1048 делегат бор, охирги босқичга ўтиш учун 1237 делегат овози керак бўлади. Унинг рақиблари Круз ва Кейсик праймеризларда 566 ҳамда 153тадан делегат йиққанди.

Эндиликда, қолган праймеризларда Дональд Трамп ўзига керакли овозларни йиғиб, июль ойидаги съездда сайловнинг иккинчи босқичида ўз номзодини расман президентлик учун илгари суриши мумкин.

Трампнинг иккинчи босқичдаги рақиби демократ Ҳиллари Клинтон бўлиши кутилмоқда. АҚШ Собиқ давлат котиби ўз партиядоши Берни Сандерсни ортда қолдирмоқда (2220га қарши 1449 делегат).