Туркиянинг сайёҳликдан оладиган даромади 2016 йилнинг биринчи чорагида ўтган йилнинг шу вақтдаги ҳолатига нисбатан 16,5 фоизга тушиб кетди. Мамлакат Статистика институти сайтида чоп этилган маълумотлардан бу ҳақида билиб олиш мумкин. 

Сайёҳлик саноатининг умумий даромади тўрт миллиарддан сал ортиқроқни ташкил этди. Бунда сайёҳлик тушумининг 78,3 фоизи хорижликлар чиқимига тўғри келади. 

Статистика институти маълумотларига кўра, сайёҳлар дам олишга ўрта ҳисобда бир киши учун 796 доллар сарфлашган. 

Апрелнинг охирида мамлакатнинг сайёҳлик соҳасидаги таназзули натижасида турк меҳмонхоналарида жойлашиш нархининг тушиб кетганлиги тўғрисида хабар берилганди.

Масалан, бугунги кунда Истанбулдаги меҳмонхона номерининг суткалик ўртача баҳоси 140 евродан 91,9 еврога тушиб кетган.