Трансмиллий компаниялар 2015 йилда 221 миллиард долларни паст солиқли мамлакатлар, энг аввало Люксембург ва Нидерландияга инвестиция қилишган, яна 72 миллиард доллар эса "солиқ жаннати" мавқеига эга бўлган мамлакат ва ҳудудлар, хусусан, Британия Виржиния ороллари ва Кайман оролларига олиб чиқилган. Бу маълумотлар 3 май куни БМТ Конференциясининг Женевадаги савдо ва тараққиётга доир маърузасида (ЮНКТАД) келтирилган. 

Тадқиқотда таъкидланишича, ўтган йилнинг дастлабки 9 ойида хорижий компаниялар Люксембург ва Нидерландияга йирик инвестицияларни амалга оширган. Бироқ йилнинг сўнгги чорагида бу мамлакатлардан миллиард долларлаб пул маблағлари олиб чиқилган, бу уларнинг Европа Иттифоқининг солиқ тўлашдан бош тортувчилар билан курашга йўналтирилган янги қоидаларини қабул қилиши билан боғлиқ. 

2010-2014 йилларда Британиянинг Виржиния ороллари ва Кайман оролларига йўналтирилган дунё пул оқимлари манбаларининг 65 фоизи Ҳонгконг, ХХР, Россия ва Бразилияга тўғри келган.

БМТ Конференциясида таъкидланишича, йирик компанияларнинг "солиқдан қочиш" мақсадида пул воситаларини бир мамлакатдан бошқасига ўтказилиши "ташвишга тушиш" учун арзирли сабаб. Ҳукуматлар йирик солиқ йўқотишларга дуч келмоқда. 

Солиқдан қочишни бартараф этиш мақсадида ЮНКТАД мамлакатлар ўртасидаги солиқ ва инвестиция соҳаси координацияларини кенгайтиришга чорламоқда.