Японияда 15 ёшгача болалар сони бундай статистика олиб борилаётган 1950 йилдан бери энг кам даражагача камайиб кетди. Бу ҳақда Япония маъмурий ишлар ва коммуникациялар бўйича вазирлиги ҳисоботида айтилмоқда. Ҳисобот мамлакатда Болалар куни сифатида нишонланадиган 5 майда чоп этилди.

Ҳисоботдаги маълумотларга кўра, 127 млн аҳолига эга Японияда ҳозирда 15 ёшгача болалар сони бор-йўғи 16 млн дан сал кўпроқни ташкил қилмоқда. Уларнинг сони бир йил ичида 150 мингга камайиб кетган. 

Болалар сонининг қисқариб кетиши узлуксиз давом этаётган туғилиш миқдорининг камайиши билан боғлиқ бўлмоқда. Япония ҳукумати туғилиш миқдорини кўпайтиришни миллий вазифа қилиб белгилаган, бироқ бу йўналишдаги барча саъй-ҳаракатлар натижа бермаяпти. 

Шу билан бирга Японияда кекса ёшдагилар сони ошиб бормоқда. Мамлакатда ўртача ҳаёт давомийлиги даражаси дунёдаги энг юқорилардан бири. Эркаклар учун бу кўрсаткич 80,5 ёшни, аёллар учун эса 86,83 ёшни ташкил қилади. Статистика маълумотларига кўра, Японияда 65 ёшдан катталар сони 34,8 млн кишини ташкил қилади. Уларга Япония умумий аҳолисининг 26,7 фоизи тўғри келади, бу кўрсаткич Япония тарихидаги энг юқори кўрсаткич бўлмоқда.