Арманистон ҳукумати тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасининг мустақиллигини тан олиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тасдиқлади.

Ҳукумат қарорида қонун лойиҳасининг қабул қилиниши "Арманистон ва Тоғли Қорабоғ ўртасидаги музокаралар натижасига боғлиқ, бу кейинги жараёнлар, шу жумладан ташқи факторлар билан изоҳланади".

Қонун лойиҳасида шундай дейилади: "Мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш орқали Арманистон Республикаси, Арцах Республикаси халқаро ҳуқуқ нормаларининг барча талабларига жавоб беришидан келиб чиқиб, Арцахнинг ҳақиқий мавқеини расман тан олади".

Апрель ойи бошларида Тоғли Қорабоғда Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги ҳарбий можаро янгиланганди. Икки кеча-ю кундуз давом этган отишмалар натижасида икки томондан ҳам ўнлаб кишилар ҳалок бўлган.

Бундан аввалроқ Арманистон мухолифати мамлакат ҳукуматига 5 май, пайшанба куни бўлиб ўтадиган йиғилишда Тоғли Қорабоғ республикаси мустақиллигини тан олиш ҳақидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқишни таклиф этган.