Буюк Британия ҳукумати ИШИД террорчилик гуруҳига қарши фаол курашни давом эттириш мақсадида қўшимча ҳарбий кучларини сафарбар этиш ниятида. Мамлакат мудофаа вазири Майкл Фэллон европалик ҳамкасблари билан Германияда ўтказган учрашувида шу ҳақда маълум қилган, деб ёзмоқда The Mirror газетаси. 

Фэллоннинг маълум қилишича, курд жанговар бўлинмалари ҳисобланувчи пешмерга жангчиларига ҳам амунициялар жўнатилади. 

«Яқинда эришилган муваффақиятларни мустаҳкамлаш вақти етди, биз яна нималар қилиш мумкинлиги хусусида бош қотирмоқдамиз», — деб қайд этган Британия мудофаа вазири. 

Нашрнинг қайд этишича, коалиция кучлари томонидан берилаётган ҳаво зарбалари Сурия ва Ироқдаги жангариларни охирги икки йилдаги энг кам рақамгача камайтириш имконини берган. Хусусан, охирги бир ойда 600га яқин жангари йўқ қилинган. Умуман 25 мингга яқин радикал кайфиятдаги жангчилар ўлдирилган.