Ҳиндистоннинг Чхаттисгарх шаҳрида автобус иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Автобус кичик кўприкдан тушиб кетиши оқибатида 13 киши ҳалок бўлди, 53 киши жароҳат олди.

India Today газетасининг ёзишича, автобус Гархва шаҳридан Райпурга кетаётган бўлган. Маҳаллий вақт билан соат 22.30 ларда ҳайдовчи мотоциклчи билан тўқнашувдан қочмоқчи бўлиб, автобус бошқарувини йўқотган ҳамда кўприкдан қуриб қолган дарёга ағдарилиб, бир неча марта тўнтарилиб кетган.

"Бизда ҳозир 13 киши ҳалок бўлгани ҳақида маълумот бор, 16 оғир жароҳат олганлар Амбикапур тумани шифохонасига юборилди. Қолган 37 нафар жароҳатланганлар Балрампурдаги маҳаллий шифохонада даволаш учун қабул қилинган", деб айтди полиция вакили Садананд Кумар.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Ҳиндистон йўлларида ҳар йили 200 мингдан кўпроқ одам ҳалок бўлади.