Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакатда ахборот ва коммуникация вазирлиги ташкил этилишини маълум қилди. Янги давлат ташкилоти ахборот сиёсати билан шуғулланади, деб маълум қилди Назарбоев матбуот хизмати.   

Айни вақтда Қозоғистонда ахборот сиёсати масалаларини инвестициялар ва ривожланиш вазирлигининг алоқа, ахборотлаштириш ва ахборот қўмитаси назорат қилади. 

"Бугунги кунда бу функциялар бошқа соҳадаги вазирликка юкланган. Ҳукуматда ҳеч ким бу соҳани мувофиқлаштирмайди, давлат ахборот ишига ажратадиган маблағларни назорат қилмайди. Шунинг учун жорий ахборот чақириқларини енгиш, бешта ислоҳотга самарали ҳамроҳлик қилиш учун ваколатли давлат ташкилоти – ахборот ва коммуникация вазирлигини яратиш топшириғини бераман", деб айтди Назарбоев.

Назарбоев бу вазирликка исталган мулкчилик шаклидаги ахборот фазосини, жумладан интернет-ресурслар ва ижтимоий тармоқларни энг ўткир муаммоларни тезкорлик билан аниқлаш ва уларга жавоб бериш мақсадида мониторинг қилиш бўйича вазифаларни юклашни таклиф қилди. Бу вазирлик энг долзарб мавзу ва масалалар бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш, ахборот сўровлари ва аҳоли умидларини таҳлил қилиш ва прогнозлаш билан шуғулланади.

Шу билан бирга янги вазирлик давлат ахборот сиёсатини ишлаб чиқиш, барча давлат органларининг ахборот фаолияти ва фаоллигини мувофиқлашгтириш ва назорат қилиш, давлат ахборот буюртмаси ва ҳукумат томонидан ажратилган маблағларнинг самарадорлигини режалаштириш ва таҳлил қилиш билан ҳам шуғулланади. 

Шунингдек, вазирлик иқтисодиётнинг замонавий сегменти сифатида Қозоғистон ОАВларни ривожлантириш учун инвестициялар ва инновацияларни жалб қилиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун ахборот маҳсулотлари сифатини ошириш, аҳоли билан ўзаро ҳаракатлар каналларини йўлга қўйиш учун жавобгар бўлади.