"Лестер" жамоаси президенти, King Power компанияси эгаси бўлган таиландлик бизнесмен Вишай Шривадданапрабха жамоа футболчиларини АПЛ чемпионлигига эришганлари учун Mercedes (Mercedes B-Class Electric Drive) автомобиллари билан мукофотлайди. Бундан ташқари, футболчиларнинг чемпионликни нишонлаш учун Лас-Вегасга сафар қилиши учун харажатларни тўлаб беради. Бу ҳақда The Daily Mail хабар тарқатган.

Маълум қилинишича, ҳар бир автомобилнинг баҳсои 40 минг евро атрофида бўлади.

Мавсум якунига кўра, жамоа 93 млн фунт стерлинг (136 млн доллар) миқдоридаги маблағга эга бўлди. Шундан 54 млн фунт АПЛ томонидан телетрансляциялар учун ажратилган. 14 млн фунт эса Sky ва BT Sport телекомпаниялари томонидан 16 ўйиннинг трансляцияси ҳуқуқи учун тўланган, шунингдек 25 млн фунт чемпионлик бонуси сифатида берилган.

Қайд этиш керакки, Шривадданапрабҳа  биринчи марта ўз сахийлигини намойиш қилмаяпти. У жамоанинг 32-турда "Саутҳемптон"га қарши уй учрашувини кузатиш учун тушган "Лестер" мухлисларининг ҳар бирига ўз туғилган куни муносабати билан бир бутилкадан пиво ёки сув ҳамда ширинликлар тарқаттирганди.

Ҳисобланишича, футболчиларга автомобиллар совға қилиш (1 млн фунт атрофида), турли пул мукофотлари ҳамда Лас-Вегас саёҳати учун жами 6,5 млн фунт сарфланади.