Москва метросида бир гуруҳ футбол ишқибозлари келиб чиқиши марказий осиёлик йўловчиларга ҳужум уюштирган ва улар полиция томонидан қўлга олинган. Бу ҳақда 5 май куни Москва шаҳар ИИБ матбуот-хизмати хабар тарқатган.

Бу воқеа 12 апрель куни Москва метрополитенидаги “Улица Скобелевская” бекатидан “Битцевский парк” бекатига томон ҳаракатланаётган метро поездида юз берган. Безорилар ўз жабрланувчиларига тан жароҳатлари етказишган, бир кишининг кўзига газ баллон орқали газ пуркалган, улардан бири шифохонага ётқизилган.

«Москва 24» телеканали маълумотига кўра, ҳужум иштирокчилари 15 ёшдан 21 ёшгача бўлган 4 киши эди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манба берган хабарга кўра, ҳужум миллатчилик негизида амалга оширилган: гуруҳ қурбонига айланган муҳожирлар Тожикистон фуқаролари бўлган.

Ушбу ҳодиса юзасидан Россия Федерацияси ЖК 213 моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Гуруҳ аъзолари безориликда айбланмоқда.  улар бу иши учун 8 йилгача қамоқ жазосини олиши мумкин.

ИИВнинг Москва метрополитени бўйича бўлими матбуот хизмати раҳбари Алексей Мишляевнинг берган маълумотига кўра, қўлга олинганлар Москва шаҳри фуқаролари бўлиб, улар шаҳардаги футбол жамоаларидан бирининг ашаддий фанатлари ҳисобланишади. Улар ўзларини “скинҳедлар” ҳаракатига алоқадор, дея таъкидлаган. Уларнинг ёнидан ов пичоғи ва электрошокер топилган.