Reuters ахборот агентлиги ўз манбаларига иқтибос келтирган ҳолда Туркия бош вазири Аҳмет Довудўғлу яқин орада истеъфога кетиши мумкинлигини маълум қилмоқда. Агентлик маълумотларига кўра, мамлакат бош вазири Туркиядаги етакчи Адолат ва тараққиёт партиясининг навбатдан ташқари қурултойида ўзгартирилиши мумкин.    

Журналистларнинг таъкидлашларича, улар бу маълумотни партиядаги бешта манбадан олишган. Маълум қилинишича, Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Аҳмет Довудўғлу 1,5 соатлик учрашув ўтказишгандан кейин бош вазир ўзгариши мумкинлиги ҳақида гаплар пайдо бўла бошлаган.                           

Таъкидланишича, қурултой 21 майдаёқ, бироқ Рамазон ойининг биринчи куни – 6 июндан кеч бўлмаган муддатда ўтказилади.

Reuters’нинг эслатишича, икки сиёсатчи бир неча ҳафта давомида омма кўз ўнгида ўзаро муносабатларида кескинлик мавжудлигини намойиш қилиб келишган.  

Аҳмет Довудўғлу 2014 йилдан бери Туркия бош вазири лавозимини эгаллаб келади. Охирги вақтда Эрдўған ва Довудўғлу ўртасида Европа билан ўзаро муносабатлар ва ҳукуматни танқид қилувчиларни тақиб қилиш масалалари борасида зиддиятликлар кузатилмоқда.