АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Саманта Пауэр Хавфсизлик Кенгашининг  Ҳалаб шаҳридаги вазият юзасидан ўтказилган йиғилишида баёнот беришича, расмий Вашингтон Россия билан Сурияда батамом сулҳга эришиш ҳамда сиёсий ўтиш даврини бошлаш бўйича ҳамкорлик қилади. Аммо айни ўтиш даврида Сурия президенти Башар Асадга ўрин ажратилмаслиги керак. 

Унинг қайд этишича, Вашингтон маъмурияти Россия ва Эроннинг Сурия раҳбариятига зиммасидаги мажбуриятиларини адо этишини талаб қилиб босим ўтказишини интиқлик билан кутмоқда. Унга кўра, расмий Дамашқ жанговар ҳаракатларни тўхтатиб, аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатиш учун ҳеч қандай тўсиқ қолдирмаслиги керак. 

"Ўз навбатида, АҚШ ҳам мухолифатга шу мақсадда босим ўтказишда давом этади. Биз россиялик ҳамкасбларимиз билан Суриянинг Ҳалаб шаҳри ва бошқа ҳудудларида ҳақиқий ва мустаҳкам тинчлик ўрнатилиши учун ҳамкорлик қиламиз. Шунингдек, Сурияда сиёсий ўзгаришларга Асадсиз эришиш ниятидамиз. Бу ушбу урушни якунлашнинг ягона йўлидир", - деган америкалик дипломат.

Саманта Пауэр хоним бошқа Ғарб мамлакатлари доимий вакиллари сингари Ҳалабдаги воқеалар учун жавобгарликни Дамашқ зиммасига юклади. "Айни сиёсий режим мазкур қуролли зиддиятда ҳалок бўлган 400 минг кишининг аксарияти учун ҳам масъулдир". 

Унинг сўзларига кўра, Сурия армияси Ҳалаб ғарбий туманларини жангарилардан озод этиш бўйича ҳарбий амалиётни бошлаган 22 апрелда шаҳарга 300 дан ортиқ авиазарбалар берган. Унинг қайд этишича, 7 минг йиллик тарихга эга, даҳшатли зилзила ва мўғул-татар босқинларига бардош берган Ҳалаб бугунги кунда вайроналар остида қолмоқда. 

АҚШ давлат департаменти Ҳалабда "сокинлик тартиби"ни, шунга ўхшаш қарор Латақия ва Дамашқда ўз самарасини кўрсатгач, такроран жорий этиш бўйича Россия билан келишиб олингани хусусида хабар қилган эди. 

РФ мудофаа вазирлиги ушбу тартиб кучга киргани ва 5 май ярим тунгача давом этишини тасдиқлади. Сурия раҳбарияти ҳам ушбу келишувга риоя этишини маълум қилди. 
БМТ ХК йиғилишида Россия доимий вакили Виталий Чуркиннинг айтишича "сокинлик тартиби"ни 3 майдаёқ амалга киритиш режалаштирилган, аммо террорчиларнинг кенг қамровли ҳужуми сабаб бунинг иложи бўлмаган. 

Дипломатнинг қайд этишича, Москва ва Вашингтон Суриядаги танг вазиятни юмшатиш ниятида.