Испаниянинг "Реал" ва "Атлетико" жамоалари мухлисларига Чемпионлар лигаси финали учун 20 мингтадан чипта ажратилади. Бу ҳақда Аs хабар тарқатган.

Манбанинг маълумотига кўра, финал учрашуви чипталари нархлари 70 евродан 440 еврогача бўлади.

ЕЧЛнинг финали 28 май куни Миландаги "Сан-Сиро" стадионида бўлиб ўтади. Бу стадион 80 минг томошабинни сиғдира олади. 2000/01 йилги мавсумда ҳам ЕЧЛ финали айнан шу стадионда ўтказилган, ўша учрашувда "Бавария" ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида "Валенсия"ни мағлубиятга учратганди. Ўшанда "Бавария" ва "Валенсия" мухлислари учун 23 мингтадан чипта ажратилганди.

Бундан олдин ҳам "Реал" ва "Атлетико" жамоалари ЕЧЛ финалида тўқнаш келишган, 2013/14 йилги мавсумдаги финалнинг асосий вақти 1:1 ҳисобида якунлангач, "Реал" қўшимча бўлимларда 3та гол уриб 4:1 ҳисобида ғалаба қозонганди.