Саудия Арабистони махсус кучлари ИШИД ташкилотига аъзолиги гумон қилинган шахсларни қўлга олиш бўйича амалиётларни давом эттирмоқда. Бугун Макка шаҳридан шарқдаги Нааман водийсида 4 нафар гумондорни қўлга олиш бўйича махсус амалиёт ўтказилган. Бу ҳақда миллий хавфсизлик кучларидаги манбасига асосланган ҳолда "Сабак" газетаси хабар тарқатган.

Манбанинг маълумотига кўра, амалиёт 5 май куни эрталаб бошланган ва унда авиация кучлари ҳам иштирок этган. Гумонланувчилар шаҳар йўли ёқасидаги 2 қаватли бинога яширинишган. Улардан 3 нафари амалиёт чоғида ўлдирилган.

Жорий ҳафтада араб нашрларида Сурия ва Ироқ ҳудудидаги ИШИД сафида Саудия Арабистони фуқаролари бўлган 3 мингдан ортиқ киши жанга қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.