Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) жорий йилнинг 1 майидан бошлаб 2016-2017 ўқув йили учун қабулни бошлади. Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини IUTга ўқишга қабул қилиш шартлари билан кенгроқ таништириш мақсадида республика ҳудудларида турли учрашувлар ва тарғибот тадбирлари ташкил этиб келинмоқда. Бу ҳақда университет матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ушбу учрашувларга қўшимча сифатида жорий йилнинг 4 май куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети видеоконференция ўтказди. Бир вақтни ўзида ушбу тадбирда Ўзбекистоннинг 14 та ҳудудида жойлашган 33 та видеконференцалоқа ўрнатилган масканда абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди. Видеоконференциянинг ўтказилиши IUTга қабул жараёни ҳақидаги маълумотларни кенг оммага етказиб бериш имкониятини яратди.

Мазкур видеоконференцияда иштирок этган ёшлар ва уларнинг ота-оналари университетнинг 2016-2017 ўқув йили қабули жараёнида топшириладиган зарур ҳужжатлар, имтиҳон ва талабаликка қабул қилиш шартларига оид батафсил маълумотларни олишди ва IUT Қабул комиссияси вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилишди.

Таъкидлаш лозимки, 2016-2017 ўқув йили учун Тошкент шаҳридаги Инҳа Университетига компьютер ва дастурий инжиниринг йўналиши бўйича 250 нафар ва логистика йўналиши бўйича 70 нафар талаба қабул қилинади.