Тожикистон Республикаси президенти Эмомали Раҳмоннинг Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 71 йиллиги нишонланиши муносабати билан қабул қилган қарори асосида мамлакатда истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари ҳамда фронт орти меҳнаткашларига 2 минг сомонийдан (тахминан 250 доллар) тақдим этилади. Бу ҳақда давлат раҳбари маъмуриятига асосланиб ТАСС хабар қилди. 

Эмомали Раҳмоннинг матбуот хизмати вакили берган маълумотга кўра, айни пайтда Тожикистонда 2 мингга яқин собиқ фронтчилар ва фронт орти меҳнаткашлари яшайди. 

5 майдан бошлаб республикада «Бобомнинг ғалабаси – менинг ғалабам”, “Тожикистон қаҳрамонларни шарафлайди” шиорлари остида ёдгорлик тадбирлари бошланган. Ушбу хайрия акциялари тожик-қаҳрамонларга бағишланган ёдгорликларни ободонлаштиришга йўналтирилган. 

Тожикистон Иккинчи жаҳон уруши фронтига 300 мингдан ортиқ одам юборган. Уларнинг ҳар уч нафаридан бири жанг майдонларидан қайтмаган. 57 нафар тожикистонлик Совет Иттифоқи қаҳрамони унвонига сазовор бўлган, 19 нафари эса Шуҳрат медали соҳибига айланган. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов фармонига биноан, 9 май умумхалқ байрами — Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 71 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларига 800 минг сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти берилади.