Андижон вилоятидаги олий ўқув юртлари олимлари томонидан 2007-2015 йилларда 142 инновацион ғоя, технология, ишланма ва лойиҳалар ишлаб чиқилди. Уларнинг 50га яқини амалиётга татбиқ этилган, дея хабар беради ЎзА.

Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур қарор ижроси доирасида анъанавий ўтказилаётган Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси инновацион ва илғор технологияларни амалиётга татбиқ этиш, ишлаб чиқарувчилар ҳамда илмий муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

– IХ инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркасининг Андижон вилояти ҳудудий ярмаркасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари ҳамда бошқа идоралар тасарруфидаги институт, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик муассасаларининг қишлоқ хўжалик, машинасозлик, энергияни иқтисод қилиш, фармацевтика йўналишлари бўйича 250 дан ортиқ инновацион технология, ишланма ва ғоялари намойиш этилди, – дейди Андижон давлат университети илмий ишлар бўйича проректори Бахтиёр Расулов. – Университетимиз олимлари йигирмадан зиёд инновацион технология, ишланма ва ғоялари билан иштирок этди. Ишлаб чиқарувчилар, фермерлар билан умумий қиймати 274,2 миллион сўмлик 16 шартнома имзоланди.

Дарҳақиқат, олимлар томонидан тақдим этилаётган илмий ишланма ва ғоялар ўзининг самарадорлиги билан муҳим аҳамият касб этаётир.

Андижон шаҳридаги “Сувоқова” корхонасига қарашли 6 сувтиндиргич ҳовузга кунига 60 минг куб метрдан ортиқ оқова сув келиб тушади. Бу сув ҳовузлардан “Аэротенка” деб аталадиган махсус қурилмага ўтказилади. Ушбу қурилманинг вазифаси сув остидан ҳаво бериб туриш орқали сувдаги фойдали микроорганизмларни тирик ушлаб туриш ва турли микробларни зарарлантиришдан иборат. Лекин ушбу қурилма доимий ишлаб туриши учун катта миқдорда электр энергияси ва маблағ сарфланади.

Андижон давлат университети олимлари томонидан оқова сувни табиий йўл, яъни Бразилиядан келтирилган Эйхорния ўсимлиги ёрдамида тозалаш бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб борилди. Сувни бирламчи тозалаш ва микроблардан зарарсизлантириш тажрибаси ижобий натижа берди. “Сувоқова” корхонаси томонидан мазкур лойиҳага катта қизиқиш билдирилди. Эндиликда ана шу илмий лойиҳа асосида оқова сувни тозалаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Мазкур ғоя Наманган ва Андижон вилоятларида жорий этилмоқда. Ўзбекистон Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ушбу ғояни барча вилоятларда жорий этиш ташаббусини илгари сурмоқда. Бу катта миқдорда иқтисодий даромад келтириш билан бирга, жараённи мутлақо табиий усулда амалга ошириш имконини беради.

– Андижон давлат университети олимлари таклифи билан ўтган йили буғдойдан бўшаган 1,6 гектар майдонга Жанубий Америкадан келтирилган Амарант ўсимлигини экдик, – дейди Марҳамат туманидаги “Феруз” фермер хўжалиги раҳбари Ғуломжон Каримов. – Фармацевтика саноати учун зарур моддалар олинадиган ушбу ўсимликдан юқори ҳосил олинди. Энг муҳими, уни етиштириш ортиқча меҳнат ва сарф-харажат талаб этмади, иқтисодий самарадорлиги эса юқори бўлди.

Фармацевтика саноти учун муҳим бўлган ушбу ўсимлик жорий йилда Марҳамат, Асака ва Улуғнор туманларидаги бир қатор фермер хўжаликларида ҳам етиштирилади. Олимлар уни қайта ишлаш ва амарант мойини олиш технологиясини такомиллаштириш, ишлаб чиқаришга жорий этиш устида изланмоқда.

Ҳудудий ярмаркада Андижон қишлоқ хўжалиги институти олимлари томонидан намойиш этилган “Қор ва ёмғир сувларидан самарали фойдаланиш аккумуляция қурилмаси” тоғ ва тоғолди ҳудудларида фойдаланилмай турган сувсиз ерларни ўзлаштириш, мавжуд сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишда қатор қулайлик ва афзалликларга эга.

Мухтасар айтганда, олимлар томонидан тақдим этилаётган инновацион ғоя, технология ва илмий ишланмалар иқтисодиётимизнинг турли соҳаларини ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Жорий йилда ўтказиладиган IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида андижонлик олимлар томонидан яратилган 40 дан ортиқ янги инновацион ғоялар, технология, ишланма ва лойиҳалар намойиш этилади.