АҚШ президенти лавозимига номзод Хиллари Клинтон АҚШ Давлат котиби лавозимини эгаллаганда ўз шахсий электрон почтасидан хизмати билан боғлиқ мақсадларда фойдалангани иши бўйича АҚШ Федерал қидирувлар бюросига сўроқ қилингани чақиртирилади. Бу ҳақда CNN хабар бермоқда. 

Таъкидланишича, ушбу иш бўйича тергов якунига етмоқда ва Клинтон яқин орада бу иш бўйича сўроқ қилинади. Клинтон ёрдамчиларининг ФҚБдан суриштиришига кўра, ФҚБ Клинтон томонидан атайлаб қонун бузилгани ҳолатини аниқламаган.

Аввалроқ Guccifer тахаллуси билан маълум бўлган руминиялик хакер Марсель Лехел Лазар 2013 йилда Клинтоннинг почтасини бузиб кирганини маълум қилганди.

Клинтон АҚШ Давлат котиби бўлганда хизмат доирасидаги мактубларни қўшимча ҳимояга эга ҳукуматнинг махсус электрон тизими орқали ёзишга кўрсатма берувчи федерал қонунни бузган. Клинтон бу тизимдан фойдаланиш ўрнига ўзига тегишли серверда жойлашган шахсий электрон почтасидан фойдаланган.

Кейинроқ маълум бўлишмча, Клинтон томонидан қабул қилинган бир қатор мактублар мутлақ махфий мактублар тоифасига тегишли бўлган.