Лондон мэрлиги учун сайлов натижалари маълум бўлди. Унда лейбористлар вакили Содиқ Хон ғолиб чиқди. У Лондон шаҳри ҳокимлигига сайланган тарихдаги илк мусулмон сиёсатчига айланди.

Этник келиб чиқиши покистонлик бўлган Содиқ Хон, айни вақтда 46 ёшда. У ўтган асрнинг 60-йилларида Британияга муҳожир сифатида келган покистонлик оиланинг 8 фарзанди орасидаги бешинчиси ҳисобланади. У Лондоннинг жанубидаги қашшоқ туманда автобус ҳайдовчиси оиласида кичкина хонадонда вояга етган. У мактабдан кейин ва таътил вақтларида қурилишда ишлаган. 

Содиқ Хон – юрист, инсон ҳуқуқлари курашчиси. 2008 йилдан 2009 йилгача у маҳаллий ўз-ўзини бошқариш масалалари бўйича вазир бўлиб ишлаган, кейинроқ, 2009 йилдан 2010 йилгача Буюк Британия транспорт вазири лавозимини эгаллашган.

2013 ва 2015 йилларда Хон Буюк Британиядаги мусулмонлар орасида "йил сиёсатчиси" дея эътироф этилган. 

Унинг сайловолди дастуридаги асосий жиҳатлар аҳоли учун турар жой бинолари қуриш, ижтимоий соҳада ислоҳотлар ўтказиш, транспорт соҳасидаги нархларнинг ошишини чеклаш, шунингдек Ҳитроу аэропортининг кенгайтирилишини тўхтатиш эди.

Унинг рафиқаси Саадия Аҳмад ҳам юрист, улар икки қизни тарбиялашган.

Хоннинг сайловдаги асосий рақиби консерваторлар вакили Зак Голдсмит бўлиб, у сайловнинг дастлабки натижаларига кўра (98,7 фоиз овоз ҳисобланганда), 44 фоиз тўплаган Хондан 9 фоизга камроқ овоз олганди. Голдсмит ҳозирги мэр Борис Жонсоннинг тарафдори ҳисобланади. Жонсон 2008 йилнинг майидан буён шаҳар мэри сифатида фаолият кўрсатди.