Россия футбол иттифоқи назорат-интизом қўмитаси навбатдаги йиғилиш натижаларига кўра "Краснодар" футбол клубини Россия чемпионатининг 26-турида "Анжи"га қарши учрашувда йўл қўйилган турли қоидабузарликлар учун 125 минг рублга жаримага тортди. Бу ҳақда "Чемпионат" нашри хабар бермоқда. 

Қўмита раиси Артур Григорьянцнинг айтишича, клуб ўз мухлислари жойлашган секторда No Banana No Party (Банан йўқ – хурсандчилик йўқ) ёзуви бўлган ирқчилик кайфиятидаги баннернинг пайдо бўлгани учун 25 минг рубль жарима тўлайди. 

Краснодарликлар жаримадан 100 минг рублни учрашув вақтида хавфсизликни тегишли тарзда таъминлай олмаганлари учун тўлайдилар. Учрашув вақтида майдонга "Анжи" мухлиси югуриб чиқиб кетган. Бу ҳолат учун Маҳачқальа жамоаси 20 минг рубллик жаримага тортилди.

Жамоалар ўртасидаги учрашув 1 майда бўлиб ўтганди ва кубанликларнинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланганди.

2015 йилнинг 5 августида худди шундай жазога "ЦСКА" клуби тортилганди: клуб мухлислари "Анжи"га қарши учрашувда Animal Planet (Ҳайвонот дунёси) ёзуви бўлган баннерни намойиш қилишган.