Тошкент вилоятида туғилган Жамол Назаров (исм-фамилияси ўзгартирилган) 1966 йилда туғилган Шуҳрат Замиров билан ўзоро тил бириктириб, 1997 йилда туғилган, вояга етмаган Шокир Зуфаровни ҳам ўзига шерик қилган ҳолда, 2015 йилнинг 5 сентябрь куни тахминан кеч соат 20:30ларда босқинчилик жиноятини содир этади. Бу ҳақда “Огоҳ” газетаси ёзмоқда.

“Қўйлиқ-1” автошоҳбекати тарафларда бемақсад дайдиб юрган юқоридаги уч ҳамтовоқ ер ости йўлагига қараб кетаётган, кўринишдан 23-25 ёшлардаги икки йигитчани дўппослай кетадилар. Икки йигит йиқилиб қолишгач, Жамол уларнинг чўнтакларини кавлашга тушди. 1990 йилда туғилган Ботир Собировнинг шими чўнтакларидан жами 472000 сўм ва 100 АҚШ доллари нақд пул, Раҳим Турдиевнинг чўнтагидан эса нархи 400000 сўмлик “Samsung Galaxy S-2” русумли уяли телефон аппарати ва 50000 сўм пулларини олиб, шерикларига тез кўздан ғойиб бўлиш кераклигини айтади. 

Жабрланувчилар ўзларига келишгач, Бектемир тумани ИИБга воқеа юзасидан тушунтириш бериб, ариза билан мурожаат этадилар. Фуқаролар Б.Собиров ва Р.Турдиевларнинг аризаларини атрофлича ўрганиб, тезда ишга киришган маъсул ходимлар эса кўп ўтмай масалани ҳал этдилар. 

Тунги “шоввозлар”нинг ҳар учаласи ҳам қўлга олиниб, сўроқ қилинганида, уларнинг айблари тўлиқ ўз исботини топди.