Россия спорт вазири Виталий Мутко "Формула-1" автопойгасида иштирок этувчи "Red Bull" жамоасининг россиялик пойгачи Даниил Квятни жамоадан четлатиш қарорини жуда қаттиққўл деб атади. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар берди. 

"Квят ўтган мавсум охири ва жорий мавсум бошида анча прогрессга эришаётганди. Агар у биргина йўл қўйган хатоси деб четлатилаётган бўлса, унда бу қарор жуда қаттиққўлдир", деб айтди Мутко.

Мутко спортчининг малакаси ва таниқлиги даражаси унга бу вазиятдан чиқишга ёрдам беришига умид билдирди. "Умид қиламанки, у бошини хам қилмай, бой берилган позицияларни қайтара олади", деб қўшимча қилди вазир. Мутко, шунингдек, "Формула-1" кўп нарса нафақат пойгачига, балки жамоага ҳам боғлиқ бўладиган энг профессионал чемпионатлардан бири эканлигини таъкидлаб ўтди.

5 майда 22 ёшли пойгачи жамоанинг шўъа жамоаси Toro Rosso’га ўтказилганди. Бу жамоа ҳам автопойгада иштирок этади. Асосий жамоада пойгачининг ўрнини нидерландиялик 18 ёшли пойгачи Макс Ферстаппен эгаллади. 

Яқинда бўлиб ўтган Сочидаги Гран-прида нидерландиялик пойгачи Квятдан 4 та позиция кейин, яъни 19-бўлиб маррага етиб келганди. Бу Гран-прида россиялик пойгачининг эҳтиётсизлиги туфайли "Ferrari" пойгачиси Себастьян Феттель пойгадан чиқиб кетганди.

Жорий мавсумда Квят 21 очко билан умумий ҳисобда 8-ўринни эгалламоқда.