Шотландия миллий партияси (SNP) 5 май куни ўтказилган минтақавий парламент сайловларида ғалаба қозонган. Бу партиянинг қаторасига учинчи марта ғалабаси ҳисобланади. Лекин партия парламентда кутилганидек кўп ўрин эгалламаган ва яққол устунлик кўрсата олмаган.

Шотландиянинг биринчи вазири Никола Стержен аъзоси ҳисобланган SNP 129 ўриндан 63та мандатга эга бўлган, консерваторлар 31 мандат олишган, лейбористлар учун сайлов муваффақиятсиз якунланган - 24 ўрин.

Сайлов натижасида SNP парламентдаги 6та ўринни йўқотган, лейбористларнинг йўқотиши 13 ўрин,  консерваторларнинг қонунчилик органидаги ўрни 16тага ортган.

"Суперпайшанба"да Англия аҳолиси маҳаллий ҳукумат органларига 2747 вакилни сайлашди, 36 округда параллел равишда сайловлар ўтказилди ва сайлов жараёнини полиция назорат қилди. Бирлашган қиролликнинг қолган ҳудудларида (Шотландия, Уэльс ва Шимолий Ирландия) парламент сайловлари ўтказилди. Шотландияда парламент учун 129 депутат сайланди, Уэльсда— 60 нафар ҳудудий парламентарий, Шимолий Ирландияда эса ассамблеянинг 108 нафар аъзоси сайланди. Лондон, Бристоль, Ливерпуль ва Солфорд шаҳарларида мэрлар учун сайлов ўтказилди.