2016 йил 5 май куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида мамлакат парламенти юқори палатаси Миллий мажлиси 6-сессияси бўлиб ўтди. "Ховар" агентлиги хабар қилишича, унда 30га яқин муҳим масала муҳокама этилган. 

Мажлиси Миллий аъзолари Тожикистон Республикасининг «"Байрам кунлари тўғрисида"ги қонунга қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни кўриб чиқиб, маъқуллашган. Унга кўра, эндиликда ҳар йилнинг 16 ноябрида дам олиш кунисиз Тожикистон Республикаси Президенти куни нишонланади. 

Мажлиси Миллий аъзолари, шунингдек, Мажлиси намояндагон (қуйи палата) томонидан қабул қилинган ва парламент юқори палатасига тақдим этилган бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини қабул қилишган. 

Бундан ташқари, Президент тавсиясига кўра, Республика Олий судининг бир неча судъялари тайинланган, айримлари вазифасидан озод этилган.