Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорига мувофиқ фуқаролар йиғинлари раислари ва улар маслаҳатчиларининг навбатдаги сайловини ўтказиш муддати 2016 йилнинг май-июнь ойлари этиб белгиланган. Бўлажак сайловда 9 минг 764 фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 99 мингдан зиёд маслаҳатчиси сайланади. 

Сайлов жараёнида фуқаролар ўзлари танлаган, муносиб номзодга овоз беради. 

– Фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчиларини сайлаш очиқ ёки яширин овоз бериш орқали амалга оширилади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссияси ишчи гуруҳи раҳбари Толибжон Мадумаров. – Овоз бериш шакли фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши)да аниқланади. Бунда раислик қилувчи сайлов мажлисида бу масалани овозга қўяди ва фуқаролар йиғинининг кўпчилик овози билан қарор қабул қилинади. 

Йиғилишга раислик қилувчи кўрсатилаётган ҳар бир номзодни таништириб ўтади. Номзодлар ҳам ўзининг дастури ва истиқболдаги режаларини баён этади. 

Очиқ овоз бериш ҳар бир номзод бўйича ишчи гуруҳига келиб тушган таклифлар тартибига қараб ўтказилади. Фуқаролар йиғинида ҳозир бўлган фуқароларнинг ярмидан кўпроқ овозини олган номзод ғалаба қозонган саналади. Саноқ комиссияси овозлар сонини ҳисоблаб, фуқаролар йиғини қарорини эшиттиради. 

Яширин овоз беришда фуқароларнинг ўзи хоҳлаган номзодга ҳеч кимнинг назоратисиз овоз бериши таъминланади. Овоз бериш бюллетенлари фуқаролар йиғинларига саноқ комиссияси томонидан овоз беришдан олдин тарқатилади. Бюллетенлар Олий Мажлис Сенати томонидан белгиланган намунада ва шаклда тайёрланган. 

Сайловнинг биринчи куни мамлакатимизнинг бир қатор маҳаллаларида фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайланди. Хусусан, пойтахтимизнинг Яшнобод тумани “Беҳизор” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайловда маҳалла аҳолиси номидан 40 нафар вакил иштирок этди. Фуқаролар йиғини раислигига 3, маслаҳатчи лавозимига 30 номзод кўрсатилган. Сайловчилар уларнинг фаолият дастури билан танишди ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Очиқ овоз бериш йўли билан ўтказилган сайловда фуқаролар йиғини раиси ва унинг 15 нафар маслаҳатчиси сайланди. 

Сайлов шу йил июнь ойининг охиригача барча фуқаролар йиғинларида бўлиб ўтади. 

Норгул Абдураимова, ЎзА