“Адолат” СДП: “Мактабда ижтимоий тенглик масалалари” лойиҳаси электорат ва кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмоқда

Ўзбекистон 07 Май 2016 4788

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида “Умумтаълим мактабларида жамоатчилик назорати” мавзусида амалий видеоконференция бўлиб ўтди.

Партиянинг “Мактабда ижтимоий тенглик масалалари” лойиҳаси доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари ва партия фаоллари, Халқ таълими вазирлиги ва унинг жойлардаги бўлинмалари мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Видео мулоқотдан кўзланган асосий мақсад таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлаш, умумтаълим мактабларида таълим-тарбия жараёнини янада ривожлантириш, ўқувчиларга бугунги кун талаблари даражасида билим бериш, соҳага доир қонун ва қонуности ҳужжатларининг жойларда самарали ижро этилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш юзасидан ўзаро фикр алмашиш, тегишли таклиф, тавсияларни ишлаб чиқишга қаратилди.

Тадбирни кириш сўзи билан очган Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Наримон Умаров таъкидлаганидек, бугунги ҳаётимизда рўй бераётган янгиланишлар, миллий тараққиёт моделимизда устуворлик касб этган кучли ижтимоий сиёсат тамойилининг самаралари ҳаётимизда ўз амалий ифодасини кўрсатмоқда. Ушбу тамойилни ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш учун давлат бюджетининг асосий қисми йўналтирилаётгани ҳам дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилмоқда.

Жумладан, 2015 йилда мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасига ҳар йили сарфланаётган харажатлар ялпи ички маҳсулотга нисбатан 10-12 фоизни ташкил этди. Бу ЮНЕСКОнинг мамлакатни барқарор ривожлантиришни таъминлаш учун таълимга йўналтириши зарур бўлган инвестициялар миқдори бўйича тегишли тавсияларидан, яъни 6-7 фоиздан қарийб 2 баробар кўпдир.

Зеро, ижтимоий сиёсатимизнинг бош мақсади энг аввало ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, шу орқали халқимизнинг буюк келажагини бунёд этишга қаратилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Алишер Шодмонов истиқлол йилларида мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги хусусида сўз юритар экан, соҳанинг ҳуқуқий асосларига эътибор қаратди.

— Мустақиллик йилларида ёшлар ҳуқуқ ва манфаатлари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қатор қонунларда мустаҳкамлаб қўйилди, — деди А.Шодмонов. — 1991 йил 20 ноябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонун ёшларнинг ижтимоий ҳамда маънавий камол топиши учун шарт-шароит яратиб беришга қаратилган ёшларга оид сиёсатни ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишнинг қонуний асосини яратиб берди. Шунингдек, кадрлар тайёрлаш Миллий дастури, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги, “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонунлар ёшлар тарбиясида, уларни соғлом турмуш тарзига ўргатишда, иш билан бандлигини таъминлашда муҳим ҳуқуқий база вазифасини ўтамоқда.

Айни пайтда давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ҳам ушбу йўналишда салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Бу жараёнда нафақат давлат ташкилотлари балки фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, сиёсий партиялар ҳам фаол иштирок этмоқда.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сайловолди дастурида ёшлар сиёсати бўйича аниқ мақсад-вазифалар белгиланган бўлиб, бугунги кунда “Мактабда ижтимоий тенглик масалалари” лойиҳаси амалиётга изчил йўналтирилган. Ушбу лойиҳадан кўзланган мақсад ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда партиянинг фаол иштирокини таъминлаш, умумтаълим мактабларида ички тартиб-қоидаларни янада мустаҳкамлаш ва кийиниш маданиятини юксалтириш, мактаб ўқувчилари орасида ижтимоий тенгликни таъминлаш каби вазифаларни амалга оширишдир.

Шундан келиб чиқиб, видеоконференцияда мазкур лойиҳа доирасида қилинган ишлар партиянинг Самарқанд ва Андижон вилоят ҳудудий ташкилотлари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар ва унинг натижалари мисолида муҳокама қилинди. Мамлакатимизда умумий ўрта таълим соҳасида эришилган ютуқлар билан бир қаторда ҳозирги кунда кенг жамоатчиликни қизиқтираётган айрим масалаларга эътибор қаратилди. Жумладан, умумтаълим мактабларидаги ички тартиб-қоидаларни янада мустаҳкамлаш, ўқувчиларнинг кийиниш маданиятини юксалтириш, мақсадсиз пул йиғимларига чек қўйиш ҳамда мактаб ҳаётида жамоатчиликнинг ўрни ва роли самарадорлигини таъминлаш каби масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Маҳмуд БОБОЁРОВ, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари:

— 2014 йилда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилган сайловлар жараёнида сайловчиларнинг депутатликка номзодларимиз билан учрашувларида бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан таълим муассасаларини моддий-техника базасини замон талабларига мос равишда таъминлаш, педагог-ходимларнинг билим ва малакаси, профессионал даражасини яхшилаш, ўқувчиларимизнинг ҳар томонлама чуқур билим ва салоҳиятга эга бўлишлари учун катта аҳамият берилаётганлиги алоҳида қайд этилиб, шу билан бир қаторда, таълим муассасаларимизда ҳанузгача ўз ечимини кутаётган айрим масалалар юзасидан фуқаролар ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришган эди, бу фикр-мулоҳазалар партиямиз томонидан “Мактабда ижтимоий тенглик масалалари” лойиҳасини амалиётга жорий қилишга асос бўлди.

Ушбу лойиҳа доирасида халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги партия гуруҳимиз томонидан “Мактаб ўқувчиларининг кийиниш маданияти, умумтаълим мактабларида асоссиз равишда ортиқча маблағлар йиғиш тўғрисида”ги масала Самарқанд шаҳар мисолида ўрганиб чиқилди ва вилоят партия кенгашининг “Умумтаълим мактабларида таълим соҳасига оид муаммоларни бартараф этиш” юзасидан чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Дастур асосида мазкур масалани атрофлича ўрганиш, кенг жамоатчилик ва фуқароларнинг фикрларини билиш мақсадида ишчи гуруҳи тузилиб, 2015 йилнинг апрел-май ойларида жойларда сайловчилар билан учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Ушбу ишларни амалга оширишда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд шаҳар бўлинмаси яқиндан ёрдам берди. Жумладан, Самарқанд шаҳрида жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган аҳоли ўртасида анкета-сўровномалари ўтказилиб, кенг жамоатчилик фикри ўрганиб чиқилди. Учрашувлар натижаси ва анкета-сўровлари таҳлили аҳолининг аксарият қисми мазкур масалаларга жиддий муносабатда эканлигини кўрсатди.

Бундан ташқари, мактабларнинг синф хоналарида ўқувчиларнинг сони белгиланган меъёрга нисбатан ортиқлиги ва синф хоналаридаги полларни гилам ва ковралин билан қоплаш, парталар устини мато билан ёпиш, деразаларга қимматбаҳо пардалар ўрнатиш масалалари юзасидан аниқлик киритиш мақсадида тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди.

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг сессиясида “Мактаб ўқувчиларининг кийиниш маданиятини янада яхшилаш, мактабларда асоссиз равишда ортиқча маблағлар тўпланишининг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинишига эришилди. Ушбу қарорга мувофиқ 2016-2017 ўқув йилидан бошлаб Самарқанд шаҳар ўқувчиларига ягона мактаб формаси жорий этилиши белгиланган.

Зуҳрахон КОМИЛОВА, халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари:

— Таълим ва тарбиянинг узвийлигини таъминлаш, ўқувчилар маънавиятини юксалтириш уларнинг тарбиясида муҳим омиллардан бири демакдир. Шу маънода партиямиз томонидан “Мактабда ижтимоий тенглик масалалари” лойиҳаси амалиётга жорий қилинаётгани бежиз эмас.

Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз томонидан ушбу лойиҳа доирасида ўтган даврда партия фаоллари ва ёшлар билан ишловчи ҳамкор ташкилотлар иштирокида жойларда тарғибот-тушунтириш ишлари йўлга қўйилди. Кенг жамоатчиликни бу ишга жалб этиш мақсадида Андижон шаҳар, Избоскан, Марҳамат, Бўз, Булоқбоши ва Олтинкўл туманларида кўргазмали семинарлар ташкил этилди. Бунда жойлардаги таълим муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва хотин-қизлар қўмиталари билан ҳамкорлик ўз самарасини берди.

Жумладан, Андижон шаҳридаги 3-, 7-, 29-, 35-сонли умумтаълим мактабларида олиб борилган кенг қамровли тарғибот тадбирлари натижасида бир хил мактаб формаси жорий қилинишига эришилди. Бу ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари томонидан қўллаб-қувватланди. Ҳозирда бошқа мактабларда ҳам бу каби ишлар кенг давом этмоқда.

Ўқувчилар учун бир хил форма жорий этилиши, аввало, фарзандларимизни кийиниш маданиятига ўргатишга хизмат қилса, иккинчидан, уларнинг ижтимоий тенглигини таъминлайди. Ўқувчи кийимидаги бола ўринсиз ҳаракатланишдан ўзини тортади. Демак, унинг тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади.

Маҳаллаларда ўтказилган давра суҳбати ва учрашувлар, мавзуга доир тузилган анкета саволларига берилган жавобларда ҳам ўқувчиларнинг кийиниш маданияти кўпчиликни ўйлантираётган долзарб масала эканлиги кўзга ташланди.

Мулоқотлар давомида бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбиясида “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” концепцияси доирасида йўлга қўйилган ҳамкорлик ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини ошираётганлиги айтиб ўтилди. Жойларда аҳоли билан бевосита иш олиб борадиган фуқаролик жамиятининг муҳим институтларидан бири сифатида сиёсий партиялар ҳам келажагимиз эгаларининг эртанги тақдирига дахлдор долзарб масалаларни кўтариб чиқиши олдимизга қўйилган юксак мақсадларга эришишда муҳим омил бўлиши алоҳида эътироф этилди.

Видеоконференция якунида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ёшларга доир мақсад, вазифаларини амалиётга изчил татбиқ этиш, жумладан, “Мактабда ижтимоий тенглик масалалари” лойиҳасини амалга ошириш жараёнида партия тузилмалари ва фуқаролар ўртасидаги ўзаро ишонч ва мулоқот муҳитини ривожлантириш, ушбу лойиҳани келгусида республикамизнинг барча ҳудудларида кенг жорий қилиш, пировардида эса, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига таълим соҳасига оид қонун ва қонуности ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича партия электорати манфаатларидан келиб чиқадиган таклифлар киритиш каби масалалар юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП матбуот хизмати

Кун янгиликлари
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 35492 Жамият
Қўшимча-контракт асосида ўқишни истайдиганлар нима қилиши керак?
11:30 / 18.08.2017 74568 Ўзбекистон
Миллий бренд — Fratelli Casa кийимларининг тарихи, бугунги ютуқлари ва келажак режалари ҳақида
11:05 / 18.08.2017 11212 Жамият
Судьянинг нохолислиги ёки давлат телеканалининг “шохи” борми?
19:21 / 17.08.2017 139790 Жамият
Хитой соҳиллари яқинида иккита балиқ овловчи кема тўқнашиб кетди
08:53 115 Жамият
Исроил бош вазири Владимир Путин билан яқин кунларда учрашишни мўлжалламоқда
08:43 218 Жаҳон
Тинч океанида 1945 йилда чўктириб юборилган АҚШ крейсери топилди
08:34 1375 Жаҳон
ОАВ: Туркудаги ҳужумни амалга оширган гумонланувчи номи маълум қилинди
08:27 713 Жамият
Марокаш қироли террорчилик учун судланган 415 кишини афв этди
07:56 734 Жаҳон
Шавкат Мирзиёев: «Пастга тушиб, одамларнинг дарди билан яшаш — яккаю ягона ва энг улкан мақсадимиздир»
Кўпроқ янгиликлар