АҚШлик боксчи Флойд Мэйуэзер аралаш жанг услуби жангчиси Коннор Макгрегор билан жанг ўтказиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу маълумотни ESNews телеканали эфирида боксчининг отаси Катта Флойд Мэйуезэр тасдиқлади.

Британиянинг The Sun нашри боксчи ирландиялик яккакурашчи билан жанг ўтказишга шартномани имзолашга яқин турганини маълум қилди. Келишув имзоланса, жанг бокс қоидалари бўйича ўтказилади, шартнома қиймати эса ҳам бокс, ҳам аралаш яккакурашлар учун рекорд қийматдаги бўлади. Жанг ёзда Лас-Вегасда ўтказилиши мумкин.

"Бир неча кун аввал Флойд менга жанг ўтказмоқчи эканлигини айтди. У унинг рақиби қандайдир ММА жангчиси бўлишини айтди. Макгрегормиди-эй? Ҳа, биз у билан жанг ўтказишни истаяпмиз. Фикримча, жанг бокс қоидаларига кўра ўтказилади, бу ҳақда яқин орада маълум бўлади", деб айтди Катта Мэйуезэр.

Аввалроқ Кичик Мэйуэзер Макгрегорни ирқчилик ва ҳаддан ташқари ғашга тегадиган хатти-ҳаракатларда айблаганди.

2015 йил кузда Мэйуэзер ҳамюрти Андре Берто устидан ғалабага эришгандан кейин фаолиятини якунлашини эълон қилганди. 39 ёшли боксчи ўтказган 49 та жангидан барчасида ғолиб бўлган. У 5 та вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлган. Боксчи 1996 йилги Олипиада ўйинларининг бронза медали соҳиби ҳисобланади. Мэйуэзер барча замонларнинг энг катта ҳақ олувчи боксчиси бўлиб, жанглари учун оладиган гонорарлар, теленамойишлар ва чипталар сотилиши бўйича рекордчи ҳисобланади. Мэйуэзер 2015 йилнинг июнида "Форбс" журналининг талқини бўйича, 300 млн долларлик даромад билан дунёнинг 100 нафар энг катта ҳақ олувчи спортчилари рўйхатининг 1-поғонасини эгаллаганди. Боксчи биргина филиппинлик боксчи Мэнни Пакьяо билан жанги учун 220 млн доллар олган.

Невада штати атлетлик комиссияси маълумотларига кўра, Макгрегор собиқ чемпион Нейт Диас билан 1-учрашуви учун намойишлар, хомийлардан олинадиган тўловлар ва бонуслар ҳисобга олинмаганда 1 млн доллар гонорар олган. Ирландиялик жангчи шу тариқа ММА тарихида энг катта гонорар олган спортчи бўлди. Аввал бу рекорд бразилиялик Андерсон Силвага (800 минг доллар) тегишли бўлган. Макгрегор ҳисобида 19 та ғалаба ва 3 та мағлубият бор.