Зика безгагига чалиниш даражаси Никарагуада аста-секинлик билан ўсиб бормоқда. Ҳозирга қадар мамлакатда бу вирусга йўлиққанлар сони 180дан ортиқни ташкил қилди, улардан 32 нафари ҳомиладор аёллардир. Бу ҳақида 6 май куни республика ҳукуматининг расмий вакили Росарио Мурильо маълум қилган. 

"Умумий ҳисобда Зика вирусига чалинган 182та ҳолат қайд этилмоқда", - деди Мурильо. Шунингдек, у ёмғир мавсумининг эрта бошланиши нафақат Зика, балки денге ва чикунгунья безгаклари билан касалланиш ҳолатларининг одатдагидан кўпайишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. 2015 йилда бу мавсум октябрь ойига тўғри келган, жорий йилда эса у август ёки сентябрда бошланиши мумкин. Мурильо аҳолини тегишли вазирлик ва идора вакиллари билан биргаликда бу касалликлар билан курашда фаол иштирок этишга чақирди.

Бир қатор мамлакатлар, жумладан, АҚШ ва Бразилия олимлари Зика вирусининг ҳомила ривожланишида турли тўсиқлар пайдо қилишини тахмин қилишмоқда. Бу эса ўз ўрнида микроцефалия - бош суяги ҳажмининг сезиларли даражада кичрайиши натижасидаги эси пастлик, кўриш ва эшитиш билан боғлиқ муаммоларнинг юзага келишига олиб келиши мумкин. 

Зика безгаги эпидемияси рўй берган Бразилияда ҳомиладорлик даврида у билан касалланиш натижасида юзлаб микроцефалия ҳолатлари қайд қилинган.