Римнинг "Рома" футбол клубининг ҳужумчиси ва сардори, афсонавий Франческо Тотти жамоа билан шартномасини 2017 йил ёзигача узайтиради. Бу ҳақда Corriere dello Sport италян газетаси маълум қилди.

Манбанинг маълумотларига кўра, 39 ёшли футболчи билан шартнома яқин орада тузилади. Нашрнинг маълум қилишича, янги шартнома муддати тугагач, Тотти жамоанинг мураббийлик штаби таркибига киради.

Аввалроқ футболчи италян телеканалига берган интервьюсида, жамоанинг янги бош мураббийи Лучано Спаллетти бошчилигида кам ўйин вақти олаётгани ва вазият ўзгармаса, фаолиятини тугатиши мумкинлигини айтганди. Кейинроқ Football Italia нашри томонлар ўртасидаги ихтилоф ҳал қилинганини маълум қилганди.

Жорий мавсумда Тотти "Рома" сафида барча мусобақаларда 13 та ўйин ўтказиб, 5 та гол ва 3 та голли узатма муаллифи бўлди. Футболчи Рим клуби учун 1993 йилдан бери тўп суриб келади.