Замонавий қурилмаларнинг кўп қисми, жумладан, ноутбук, планшет ёки смартфонларнинг ташқи кўриниши бир-бирига жуда ҳам ўхшайди. Агарда уларнинг логотипи олиб ташланса, оддий фойдаланувчи гаджетлар қайси компанияга тегишли эканини фарқлай олмайди. Disney компаниясининг тадқиқот бўлинмаси айнан шу муаммони ҳал қилишга қарор қилди. Disney Research ходимлари қурилмалар электромагнит майдонини сканер қилиш орқали идентификация қилувчи сканер яратишди.

Гарчи қурилмалар техник ҳусусиятлари жиҳатдан бир хил бўлса-да, барининг электромагнит майдони турлича бўлади. Disney Research томонидан ишлаб чиқилган сканер 40та қурилма ичидан 30тасини тўғри аниқлай олди. Қолган 10та девайс 90 фоиздан юқори даражада аниқланди. Биргина Apple смартфонларини тўғри аниқлашнинг иложи бўлмади. Тадқиқотлар фикрича, бу частоталар жойлашинуви билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Мазкур сканер бор-йўғи 10 доллар туради ва бу қурилма компаниялар учун ҳар битта моделни синчковлик билан текшириш заруриятини туғдирмай, ўз инвентаризацияларини қулай ҳолда кузатишларига ёрдам беради. Бундан ташқари, қурилмалар қути ичида жойлашган пайти ҳам сканерлаш имкони мавжуд. Бу эса йирик корхоналарнинг жўнатмалари вақтида фойдали бўлиши мумкин.