Ирландияда "Трансаэро" авиакомпаниясининг ҳисобдан чиқарилган Boeing-767 самолёти баржага ортилиб, Шеннон аэропортидан денгиз йўли билан Слайго графлигига жўнатилди, деб хабар бермоқда Sky News нашри.

"Мен ҳеч қачон аэропортдаги самолёт баржага ортилиб, уни денгиз йўли билан тарк этади, деб тасаввур ҳам қилмагандим", деб айтди аэропорт бошқарувчиси Дейдр Уитни.

Самолёт уни аввалроқ сотиб олган тадбиркор Дэвид МакГовэн ташаббуси билан Слайгога жўнатилди. МакГовэн самолётни меҳмонхонага айлантирмоқчи. Самолёт графликдаги Инишкрон деган жойдаги "глэмпинг" ёки "гламур кемпинг"да ўрнатилади. МакГовэн бу ерда, шунингдек, сайёҳлар яшай оладиган автобус, такси ва бошқа транспорт воситаларини жойлаштирмоқчи.  

Таъкидланишича, 50 тонналик самолётни баржага ортиш учун 6 соат талаб этилган.