McLaren F1 суперкарининг ўзига хослиги шундаки, у ҳанузгача наддувсиз двигателга эга энг тез автомобиль саналашидан ташқари, унинг диагностикасини 1990-йиллар бошида яратилган Compaq ноутбукисиз амалга ошириб бўлмайди, деб хабар бермоқда The Verge.

Ҳаммаси бўлиб 106 та F1 спорткари ишлаб чиқарилган. McLaren компанияси ҳозирда бу автомобиллардан 100 тасига яқинига DOS операцион тизимида ишлайдиган ўтган асрнинг Compaq LTE 5280 ноутбукларидан фойдаланиб хизмат кўрсатади.

"Бизга айнан Compaq ноутбуклари кераклигининг сабаби шундаки, улар шартли кириш карта-модулида ишлайди", деб айтди McLaren’нинг жамоатчилик билан алоқалар бўйича вакили.

Айнан шу карталар F1 суперкарининг борт тизимини ва диагностика ўтказиш учун мўлжалланган махсус компьютер дастурини бир-бири билан боғлайди. Бундай карта-модуллар компания учун хавфсизлик мақсадида махсус яратилган.

Замонавий компьютерлар бундай ишлар учун махсус кириш кодига эга смарт-карталар ёки USB-калитлар ишлатади. Айни вақтда компания мутахассислари замонавий ноутбукларда ҳам ишлайдиган калитдан фойдаланиб кириш усули устида иш олиб боришмоқда.