Тинч ва осойишта ҳаёт қанчалик гаштли эканини ортиқча изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак.

Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан ҳар йили Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида қатор маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши ўзига хос анъанага айланган.

Айтиш жоизки, умрини илм-маърифат ва мураббийликка бахшида этган ўнлаб устозлар иккинчи жаҳон урушида ва фронт ортида хизмат қилганлар. Бугун бу табаррук инсонларнинг дилтортар суҳбатларидан баҳраманд бўлиш кишига олам-олам завқ бағишлайди. Ана шундай азиз отахон устозлар билан 7 май куни тўкин дастурхон атрофида ўтказилган маърифий тадбир “Тинч ва осойишта ҳаёт гашти” деб номланди.

– Иккинчи жаҳон урушида ва байналмилал жангларда жасорат кўрсатган оталар хотирасини ёд этиб, уларнинг эзгу ишларини давом эттириш, бугун сафларимизда юрган, осмонимиз мусаффолиги, юртимиз равнақи йўлида хизмат қилган нуронийларни эъзозлаш муқаддас бурчимиздир,– деди ЎзМУ биринчи проректори Файзулла Агзамов.– Давлатимиз раҳбарининг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони урушда ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасига, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган момоларимизга кўрсатилаётган эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир. Биз ўша оловли жанггоҳларда жасорат кўрсатиб қайтгач, узоқ йиллар университетимизда фаолият кўрсатган отахон устозлар билан ҳақли равишда фахрланамиз.

Айтиш ўринлики, ЎзМУ мураббийлари ва талабалари байрам олдидан ана шундай табаррук устозларнинг хонадонларига боришиб, ҳолидан хабар олдилар ва қутлуғ сана муносабати билан совғалар улашдилар.

Бугун тўкин дастурхон атрофида давом этган маърифий тадбир ҳам нуроний устозларга олам-олам завқ бахш этди.

– Шу улуғ айёмда биз аввало Ватан, келгуси авлодлар ҳаёти учун жонини қурбон қилган мард ва жасур қуролдошларимиз руҳи олдида бош эгамиз,– дейди бу йил 90 баҳорини қаршилаган уруш ногирони, Журналистика факультетида узоқ йиллар декан ва бошқа лавозимларда фаолият кўрсатган доцент Анвар Шомақсудов.– Буюк ғалабага эришганимизга 71 йил бўлишига қарамасдан халқимиз ўша мудҳиш кунларни алам, армон, изтироб билан эслаши бежиз эмас. Бугунгидек ёдимда, урушдан олдин Ўзбекистонда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган бўлса, шундан 1,5 миллион йигитлар қўлларига қурол олиб, қирғинбарот жангларга кетган. Улардан 500 мингга яқини урушдан қайтмаган... Тирик қайтганларининг ҳам қанчаси майиб-мажруҳ, қўлсиз ёки оёқсиз эди... Толеимизда жонажон Ўзбекистонимизни мустақил давлат сифатида кўриш ҳам бор экан, бу қанчалик беқиёс бахт эканини таърифлашга тил ожизлик қилади. Шундай экан, тинч ва осойишта ҳаётнинг қадрига етиб, ҳар лаҳзамизни эзгуликка, бунёдкорликка, ижодга ва бошқа яхши ишларга бахшида этишимиз ҳам фарз, ҳам қарздир.

Бу йил 94 баҳорини қарши олган ЎзМУ профессори, таниқли файласуф олим Абдулла Аюповнинг сочлари айнан иккинчи жаҳон урушида оқариб кетгани ҳақида тенгдош дўстлари ва шогирдлари яхши биладилар. 24 ёшида оловли жангларда танкни бошқариб бораётган йигитлар даҳшатли портлашга дуч келади. Олов ичида қолган жасур ўзбек ўғлони ташқари чиққанида ҳам фашист-газандалари билан мардларча олишишга тўғри келади. Бир нечта газандани ер билан яксон қилгач, у бошидан каскасини олганида сафдошлари қотиб қоладилар. Негаки, Абдулланинг сочлари ўша лаҳзаларда оппоқ бўлиб қолганди...

– Бугунги дориломон кунларимизга ҳарқанча шукроналар қилсак арзийди,– дейди уруш ветерани Абдулла Аюпов.– Тинч ва осойишта ҳаётимизда мен азиз Юртбошимиз Ислом Каримовнинг ғамхўрликларини ҳамиша дилдан ҳис этаман. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, ҳаётнинг ўзи бир ҳақиқатни такрор ва такрор исботлаб бермоқда. Яъни тарихни билмаган, тарихни унутган, тарихдан хулоса чиқармаган ҳар қандай инсон, ҳар қандай халқ ўз йўлидан адашиши, бир вақтлар йўл қўйган хатоларини яна такрорлаши мумкин. Биз бугун қандай шиддат билан ўзгариб, ён-атрофимизда қарама-қаршилик, хавф-хатарлар кучайиб бораётган нотинч замонда яшаётганимизни кузатиш ва англаш қийин эмас. Энди Ўзбекистонимиз мустақил тараққиёт йўлида қандай улкан, бошқаларнинг ҳавасини тортадиган ютуқ ва марраларга эришган бўлса, буларнинг барчасининг негизи — юртимизда тинч ва осуда ҳаёт, миллатлар ва фуқаролараро тотувлик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни асраб-авайлаб келаётганимизда. Албатта, тинч ва осойишта ҳаёт, барқарорлик ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун барчамиз шу мусаффо осмонни сақлаш, асраш учун курашишимиз, фидойилик кўрсатишимиз даркор.

 

Маънавий-маърифий тадбирда сўзга чиққан бошқа ветеренлар ҳам тинчлик ва осойишта ҳаётимиз абадий бўлиши учун барчамиз, айниқса, ёшларимиз мудом огоҳ ҳамда сергак бўлишлари лозимлигини таъкидладилар.

Тадбир давомида дилрабо куй-қўшиқлар даврага янада файз киритди.

Улуғбек Усмонов,

ЎзМУ Олий журналистика курси магистранти