Мичиган университети олимлари математик моделлашув, мобиль иловалар ҳамда кўплаб маълумотлар асосида кунлар тартиби устида тадқиқот ўтказишди. Бундан мақсад биологик ва ижтимоий омилларни инсоннинг уйқу ва уйғоқлик пайтида қандай таъсир этишини аниқлашдан иборат бўлди. Тадқиқот Science Advanced журналида ёритилди.

Тадқиқотга 100 мамлакатдан қатнашган минглаб инсонлардан маълумот олинди. Олимлар тадқиқотда иштирок этган кишиларнинг ёши, жинси ва мамлакати ҳисобга олишди.

Ўрганилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, уйқунинг ўртача давомийлиги турли давлатларда ҳар хил бўлар экан. Масалан, Сингапур ва Японияда бу кўрсаткич 7 соату 24 дақиқани ташкил этган бўлса, нидерландлар 8 соату 18 дақиқа ухлашар экан. Тадқиқотчиларнинг фикрича, қўшимча ярим соатлик уйқу ҳам инсон саломатлигига ижобий таъсир ўтказади.

Бундан ташқари, олимларнинг таъкидлашича, ўрта ёшларга келиб, аёллар эркакларга қараганда 30 дақиқа кўп ухлашар экан. Ана шу даврда улар вақтли ётиб, кеч туришар экан. Кўчада кўп юрадиган одамлар уйда ўтирадиганларга қараганда эрта ётиб, узоқроқ ухлашар экан.