Bild: Туркларга қочқинларни олиб қолиши учун ваъда қилинган пул Грецияга берилиши мумкин

Жаҳон 09 Май 2016 3891

ЕИ томонидан қочқинларни ўз ҳудудида олиб қолиши эвазига Туркия учун ваъда қилинган 6 млрд евро миқдоридаги маблағ туркияликлар президенти келишувга амал қилмайдиган бўлса Афинага берилиши мумкин. Бу ҳақда Германиянинг Bild нашри хабар тарқатган.

Нашрнинг ёзишича, Европа Иттифоқидаги бир қанча мамлакатлар айни вақтда Туркия билан қочқинлар бўйича келишувнинг муқобилини муҳокама қилишмоқда.

Агар Ражаб Тойиб Эрдўған Туркиянинг Европа билан чегарасини қочқинлар учун очиб юборса, уларни Грециядаги оролларда жойлаштиришга тўғри келади. Бу ҳолатда ороллар ва Грециянинг материкдаги қисми билан қайиқлар орқали боғланишни тўхтатиш талаб этилади.

Нашрнинг ЕИ мамлакатларининг бири вазирига асосланиб хабар қилишича, бу оролларда қочқинлар учун бошпана ва лагерлар барпо этиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.

"Бу ҳолатда Туркия учун мўлжалланган маблағ Грецияга берилади", дея қайд этилган нашр хабарида.

Март ойида Брюсселдаги учрашувда Европа Иттифоқи ва Туркия қочқинларни Греция ва Европа ҳудудидан Туркияга қайтариш бўйича келишув тузганди.

1 ой олдин Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ЕИга Брюсселдаги келишув шартлари бўйича маблағлар етказиб берилмаса, келишувни бекор қилиши билан таҳдид солганди.

Кўпроқ янгиликлар