Бразилия парламенти қуйи палатасининг янги спикери Валдир Мараньян мамлакат президенти Дилма Руссеффга нисбатан импичмент жараёнини бекор қилди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги. 
 
Спикер берган баёнотда бу қарор импичмент жараёнини бошлашда йўл қўйилган қоидабузарликлар сабабли қабул қилингани айтилди.

Мараньау бир ҳафта олдин, Бразилия Олий суди аввалги спикер Эдуарду Куньяни ваколатларидан маҳрум қилгандан кейин қуйи палата раиси мажбуриятларини бажаришни бошлади.

Бразилия бош прокурори Жозе Эдуарду Кардозу Олий судга Руссеффга қарши импичмент жараёнини тўхтатиш илтимоси билан мурожаат қилишини айтганди. Унинг фикрича, импичмент ўз лавозимини суиистеъмол қилган аввалги спикернинг ноқонуний ҳаракатлари натижасида бошланган.

Бразилия мухолифати президентнинг кетишини истамоқда. У конгрессга президентнинг истеъфога кетиши ва унга қарши солиқ қонунбузарчиликлари ва давлат маблағларидан фойдаланишга гумон билан тергов бошланиши талабини берган.