Британиянинг Balmoral йўловчи ташиш  кемасининг 252 нафар йўловчиси ва саккиз нафар экипаж аъзоси АҚШ қирғоқлари яқинидан сузиб ўтиш вақтида ошқозон-ичак инфекцияси билан заҳарланишди. Бу ҳақида Американинг Касалликларни назорат ва профилактика қилиш маркази вакиллари хабар беришди.

Англиянинг Саутҳемптон портидан Американинг Мэн штати қирғоқларига апрель ойининг ўрталарида 34 кунлик саёҳат учун йўлга чиққан Balmoral кемаси бортида 919 нафар йўловчи ва 502 экипаж аъзолари бўлган. 

Маълумотларга кўра, йўловчилар ва экипаж аъзолари норовирус билан зарарланган бўлиши мумкин. Касаллик белгилари – қусиш, кўнгил айниши ва ич кетиши. Норовирус ўчоқлари асосан ёпиқ муассасаларда, ётоқхоналарда ва йўловчи кемаларида кузатилмоқда. Бу инфекция деярли бир неча соат ичида тарқалиши мумкин. Жумладан, у зарарланган озиқ-овқатдан ҳам юқади.