Франциянинг Total нефть-газ компанияси батарейкалар ишлаб чиқарувчи компанияни харид қилмоқда

Жаҳон 09 Май 2016 1966

Франциянинг Total нефть-газ компанияси аккумулятор ва батарейкалар ишлаб чиқарувчи   бошқа бир француз компанияси Saft Groupe’ни 950 млн еврога сотиб олмоқда. Бу ҳақда икки компаниянинг биргаликда берган хабарига иқтибос келтирган ҳолда Bloomberg ахборот агентлиги хабар бермоқда. Total шу тариқа Saft компаниясининг ҳар бир акциясига 36,5 евро тўлайди.

"Saft билан қўшилиш – бизнинг қайта тикланувчи энергия соҳасини ривожлантириш бўйича режамизнинг бир қисмидир, биз бу бозорга фаол чиқмоқчимиз", деб айтди Total бош директори Патрик Пуянне.

Saft транспорт, турли ҳарбий ва фуқаролик соҳалари учун юқори технологик никел ва литий батареялар ишлаб чиқаради. Total қайта тикланувчи энергия бозорига таъсирини кенайгайтиришини ўтган ой эълон қилганди. Компания бир нечта ўзининг бўлинмалари, жумладан бир неча газ структуралари ва инновацион шўъба корхоналарини бирлаштирди. Тахминларча, Saft компаниянинг айнан шу қанотига киради.

Total’нинг инвестицион дастури биоёқилғи ва қуёш электростанциялари каби қайта тикланувчи энергияларга 500 млн доллар киритишни кўзда тутади.

Аввалроқ Total Эронда нефть-кимё мажмуасини қуришни режалаштираётгани маълум қилинганди.

Кўпроқ янгиликлар