Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон бирлашган қироллик аҳолиси ЕИ таркибидан чиқиш учун овоз бериш орқали Европадаги тинчликнинг тақдирини хавф остига қўйишлари мумкинлигидан огоҳлантирди.

"Эртами кечми ортга бурилиб Европага юзланганимизда биз бугунги қароримиз учун афсусланишимиз мумкин. Биз ортга қайтишимизга тўғри келади, лекин бунинг баҳоси баланд бўлади", дея вазирнинг сўзларини келтиради The Telegraph нашри.

Кэмероннинг сўзларига кўра, Британия тарихи Европа халқлари тарихи билан чамбарчарс боғлиқдир. У буни тарихий воқеалар орқали, Ватерлоо жанги, Гохштедт муҳорабаси, Трафальгар бурнидаги денгиз жанги ҳамда Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари воқеаларини мисол келтириб дастакламоқчи бўлган.

"Биз ўзимизнинг дунёдаги нуфузимиздан фахрланамиз, Британия ҳамиша улкан давлат бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Биз биламизки, глобал давлат бўлиш ва Европадаги етакчи давлат бўлиш бир-бирини инкор қилмайдиган тушунчалардир", дея қайд этган Кэмерон.

У шунингдек, Европа Иттифоқи барча қилган хатоларига қарамасдан қитъадаги тинчликни таъминлашда жон куйдирганини эътироф этиб, Британиянинг изоляцияланиб олиши ўз фойдасига бўлмаслигини таъкидлаган.

"Айнан ЕИ, ўн йилликлар давомида "бир-бирини ғажиб келган" давлатларни бирлаштиришга ёрдам берган. Буюк Британия ЕИдан ажралиб чиқадиган бўлса, минтақадаги тинчлик ва осойишталик хавф остида қолмаслилига ҳеч ким кафолат бермайди", — дейди Кэмерон.

Бирлашган қиролликнинг ЕИ таркибидан чиқишини Кэмерон "ўйламай, масъулиятсизлик билан амалга оширилаётган ҳаракат", дея баҳолаган.

"Агар ЕИ таркибида қолсак, келажакда бизни нималар кутаётганини аниқ айта оламиз, акс ҳолда, бу қоронғулик сари сакрашга тенгдир", — дейди Кэмерон.

Кэмероннинг фикрича, Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши, энг аввало, оддий фуқаролар ҳаётига салбий таъсир кўрсатади. "Бойлар, йирик тадбиркорлар ҳаёти ўзгармайди, аммо сиз умумий бозорни тарк этмоқчи экансиз, бу иш ўринлари ва оддий одамларнинг даромадига зарба беради", — дея таъкидлаган у.

Апрель ойи охирида Дэвид Кэмерон ва унинг собиқ бош котиби Брендан Барбер Guardian нашрида мақола чоп эттирган, унда Британиянинг ЕИдан чиқиши келтирадиган талофатлар ҳақида сўз юритилганди.

Шу билан бир вақтда Лондоннинг собиқ мэри Борис Жонсон бош вазирга қарама-қарши руҳдари нутқи билан чиқиш қилди. Унинг фикрича, Британиянинг ЕИда қолиши қиролликнинг суверенитетига ва унинг имкониятларига раҳна солади.

Буюк Британиянинг ЕИ таркибидан чиқиши масаласи 23 июнда ўтказиладиган умумхалқ референдуми орқали ҳал этилади.

Ipsos-MORI агентлиги томонидан ўтказилган сўровномага кўра, бирлашган қироллик ЕИ таркибидан чиқадиган бўлса, бошқа давлатлар ҳам ундан ўрнак олиб, ЕИни тарк этишга тайёр эканликларини билдиришган.