Акбар Бектурдиев режиссёрлигида суратга олинган  «Ойқиз эртаги» фильмининг трейлири чиққанидаёқ кўпчиликда картинани кўришга бўлган иштиёқ ортган эди. 

«Ойқиз эртаги»да бош ролларни ижро этган Йигитали Мамажонов  ва Юлдуз Ражабова фильмда ўзларининг бор маҳоратларини ишга солишган. Шу ўринда Йигитали Мамамжонов жанг саҳналарини каскадёрсиз ўзи бажарганини, Юлдуз Ражабова ҳам бу фильм учун анча жонбозлик кўрсатганини суҳбатлардан бирида режиссёр айтиб ўтган эди.

Режиссёр фильмга осмондан ном олиб қўймаган… Фильмдаги воқеалар  Саранг маликаси Ойқиз томонидан ҳикоя қилинади. Режиссёр ушбу фильмга даставвал “Чўл маликаси” дея ном қўйишни ўйлайди, аммо кейинчалик унинг фикри “Ойқиз эртаги”да тўхтайди.

Фильмда Йигитали Мамажонов, Юлдуз Ражабовадан ташқари Алихан, Маъруф Отажонов, Дилбар Икромова, Хайрулла Саъдиев, Феруза Собитова ва бошқалар иштирок этган.

Фильм Хоразм вилояти, ичкари чўл ҳамда Ичанқалъада, шунингдек, Тошкент вилоятининг сўлим жойларида суратга олинган. Бундан ташқари фильм учун Ўзбекфильм павилонида 9 та махсус декорация ҳам қурилган.
Фильм учун “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан ажратилган маблағ ҳам анча шов-шувларга сабаб бўлди. “Ойқиз эртаги” фильми учун “Ўзбеккино” миллий агентлиги томонидан 1 млрд 600 млн сўм маблағ сарфланган. 

“Ойқиз эртаги” фильми 2014 йилдан буён суратга олинмоқда. “Барон” фильмининг режиссёри Рустам Саъдиев ўзининг Facebook’даги саҳифасида “Ойқиз эртаги” фильмининг видео лавҳасини жойлаштириб “Ўзбек киносида янги давр бошланяпти”, дея қолдирган изоҳи ҳам кўпчиликнинг қизиқишини орттирган эди.