Май ойи бошларида Москвада ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан қўлга олинган бир гуруҳ эркаклар жамоаси ИШИД террорчилик ташкилоти бўлинмаларидан бирининг аъзолари бўлиб чиқди. Бу ҳақда Тожикистон ички ишлар вазирлиги хабар бермоқда.

Тўртинчи май куни Россиянинг федераль хавфсизлик хизмати ходимлари Москва ва Москва вилоятида ўтадиган май тантаналари пайтида теракт содир этмоқчи бўлганликда гумон қилиб, бир гуруҳ марказий осиёликларни қўлга олган эди. Қўлга олинганларнинг ёнида кўп миқдорда қурол-яроғ ва портловчи ускуналар топилган. Терактлар Сурия ва Туркиядаги террорчи гуруҳлар бошлиқлари томонидан тайёрланган бўлиб, улар одамлар гавжум бўладиган жойларда отишма уюштиришни режалаштиришган.

"Россия Федерацияси ва Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг ҳамкорликда ўтказган операциялар чоғида ИШИД террорчилик ташкилотининг бир қанча аъзолари қўлга олинган. Улар Москва ҳамда Душанбеда ўтадиган 9 май – Ғалаба кунида теракт содир этишни мақсад қилишган”, - дейилади Тожикистон ИИВ берган маълумотда.