Ҳарбий ўйин ҳисобланувчи Battlefield 1нинг илк трейлери YouTube’да энг кўп томоша қилинган проморолик мақомини қўлга киритди. Ҳозирда роликни кўрган 1,17 млн.дан ортиқ киши "менга ёқди" тугмасини босган. 

6 май, жума куни эълон қилинган лавҳани қисқа муддат ичида 22 млн. мартадан кўпроқ томоша қилишган. Қайд этиш жоизки, Battlefield’нинг бош рақобатчиси Call of Duty’нинг навбатдаги серияси атиги 286 минг "like" (ёқди)ка нисбатан 1,5 млн.га яқин "dislike" (ёқмади) тугмасига эга бўлган эди. 

Battlefield отишмасининг янги қисми биринчи жаҳон уруши даврига қайтган. Бироқ ишлаб чиқарувчилар ўйинда ўша даврнинг реал воқеалари ёхуд воқеалар ривожининг муқобил кўриниши акс этганми, бунга ойдинлик киритишмаган. Унда, одатдагидек, сервер воситасида бир вақтнинг ўзида 64 киши ўйнашига имкон берувчи мултиплеер ҳам бор. Бундан ташқари, ўйин графикаси ҳам яхшиланган. 

Battlefield 1нинг Xbox One, шахсий компьютер ва PlayStation 4 учун версиялари 2016 йил 21 октябрида сотувга чиқарилади.