1956 йил 10 майида россиялик телебошловчи ҳамда журналист Владислав Николаевич Листьев туғилган кун. 

У спорт йўналиши бўйича мактаб-интернатни тугатгач, (енгил атлетика бўйича спорт усталигига номзод),  «Спартак» спорт жамиятида жисмоний тарбия бўйича инструктор бўлиб ишлаган, Москва яқинидаги Тамань гвардия дивизиясида ҳарбий хизматни ўтаган. 

Ишчилар факультетини тамомлагач, МДУ журналистика факультетининг халқаро бўлимини якунлади. Владислав 1982 йилдан собиқ иттифоқ давлат телерадиосининг ташвиқот бош редакциясининг хорижий давлатларга радиоэшиттиришлар муҳаррири бўлиб ишлай бошлаган. 

1987 йилдан Марказий телевидениенинг ёшлар редакциясига «Взгляд» кўрсатуви бошловчиларидан бири сифатида ишга ўтди. Ҳамкасблари билан бирга биринчи канал учун кўрсатувлар тайёрлаган ВИД телекомпаниясига асос солди. 

Листьев 1991 йилдан телекомпания бош продюсери, 1993 йилдан унинг президенти  бўлди. Влад ВИД телекомпаниясидаги фаолияти давомида «Поле чудес», «Тема» ва «Час пик» каби кўплаб кўрсатувларнинг муаллифи ва бошловчиси бўлди. 

Бундан ташқари, КВН олий лигаси ҳакамлар ҳайъатига таклиф этилган. Владислав Николаевич 1995 йилдан ВИД телекомпаниясидан ОРТ телеканалига ишга ўтди. Бу ерда у бош директор лавозимини эгаллади. Унинг улкан режалари, ажойиб тажриба ва иқтидори бор эди. Листьев бир неча йиллар ичида «Останкино»да оммабоп кўнгилочар телевидениесини ташкил эта олган эди.  

Журналист барча режаларини амалга оширолганида балким бугунги кунда Россияда бошқача телевидениени кўрган бўлар эдик. Аммо 1995 йил 1 март куни кечқурун, янги лавозимига тайинланганидан сўнг 34 кун ўтгач,  Влад Листьев уйининг остонасида ўлдириб кетилди. Шу муносабат билан телекўрсатувлар тўхтатилди, 2 март куни экранларда журналистнинг сурати қўйилган ва «Владислав Листьев ўлдирилди», деган ёзув эфирга узатилди. 

Гарчи ҳуқуқ-татибот идораларининг бир неча бор берган баландпарвоз баёнотларига қарамай, жиноий иш очилмай қолди, на қотиллар, на буюртмачилар топилди. 2010 йилда эса ушбу иш бўйича муддат поёнига етди.