Миср пойтахти Қоҳирада содир бўлган йирик ёнғин оқибатида 3 киши ҳалок бўлди ва 91 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Миср соғлиқни сақлаш вазирлигига иқтибос келтирган ҳолда "Ал-Аҳром" газетаси янгиликлар портали маълум қилди.  

Тез тиббий ёрдам хизмати бошлиғи Аҳмад ал-Ансорийнинг айтишича, шифохонага 40 киши етказилган, яна 51 кишига воқеа жойида ёрдам кўрсатилган. Улардан кўпчилиги ис газидан зарарланган.

Маълумотларга кўра, ёнғин Қоҳиранинг марказий қисмидаги қадимий туманда жойлашган, гавжум Атаба савдо даҳасида дўконлар ва кийим-кечак омборхоналарида яримтундан кейин бошланган. Сўнгра олов қўшни биноларга, жумладан 6 қаватли Andalusia  меҳмонхонасига ўтган. Меҳмонхонада тўхтаганларнинг барчаси зудлик билан эвакуация қилинган. Шаҳар ҳокимияти ёнғинни ўчириш учун 30 та фуқаролик мудофааси бригадаси ва 5 та ўч ўчириш машинасини жалб қилган.

Ўч ўчирувчилар ёнғинни 8 соатдан кейингина ўчира олишган, яқин орадаги ўнлаб дўконлар, савдо павильонлари ва маҳаллий савдогарларнинг омборлари буткул ёки қисман вайрон бўлган. Улардан кўпчилиги ўз маҳсулотларини сақлаб қолиш пайтида ис газидан заҳарланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғинга электр таъминотидаги қисқа туташув сабаб бўлган.