Массачесетс технологик институти “Campaign for a better world” (“Дунёни яхшилаш кампанияси”) дастурини ишга туширди.

Дастурнинг мақсади – 5 миллиард доллар тўплаш. Маблағ номидан келиб чиққан ҳолда, дунёни яхшилашга хизмат қиладиган турли тадқиқотлар ўтказишга сарфланади. Бу ҳақда Review.uz хабар қилди

Дастур жами 5та тадқиқот йўналишини кўзда тутади.

Discovery Science. Унга экзопланет, гравитацион тўлқинлар, миянинг қариши, оқсилларнинг ўзаро таъсири ва бошқа фундаментал тадқиқотлар киради. 

Health of the Planet. Бу йўналиш сайёра билан боғлиқ турли соҳадаги изланишларни назарда тутади. Масалан, экология муаммолари ва уларнинг ечими, иқлим ўзгариши билан боғлиқ масалалар, очарчилик, сувсизлик муаммоси, энергия олишнинг альтернатив манбалари каби масалалар.

Human Health. Бу инсон саломатлиги билан боғлиқ тадқиқотлардир. Ушбу йўналиш ген муҳандислиги, ҳужайраларни ўрганиш, онкология ташхиси муаммолари, соғлиқни сақлаш тизими иқтисодий муаммолари, Паркинсон касаллиги, бош мия жароҳати ва бошқаларни тадқиқ этади.

Innovation and Entrepreneurship. Ушбу йўналиш иқтисодиёт, янги ихтироларни ҳаётга татбиқ этиш, ёш олимларга кўмак бериш каби мавзуларга оид фан ривожи тараққиётини назарда тутади. 

Teaching, Learning and Living. Рўйхатдаги ушбу бўлим барча йўналишларда таълим тизимини яхшилашга қаратилган. 

Ҳозиргача институт ўз дастурини амалга ошириш учун 2,6 миллиард доллар миқдорида пул йиғишга муваффақ бўлган.