"Барселона" жамоасининг аргентиналик ҳужумчиси Лионель Месси 2016 йилги Ёзги Олимпиадада иштирок эта олмаслигидан афсусдалигини билдирган. Бу ҳақда у ESPN мухбири билан суҳбатда айтиб ўтган.

Бундан олдинроқ, ушбу 28 ёшли футболчи ёзда бўлиб ўтадиган 2та халқаро турнирдан фақат биттасида иштирок этиши, 3 июндан 26 июнгача АҚШ майдонларида ўтказиладиган 2016 йилги Америка Кубоги ўйинларига бориши, лекин 5-21 август кунлари давомида Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган олимпиадага бормаслиги маълум қилинганди.

"Албатта мен терма жамоа билан Олимпиадага боришни истайман, ахир 2008 йилда Пекиндаги олимпиададаги иштироким орқали худди 2005 йилги ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бўлгани каби катта тажриба олгандим. Фақат бугина эмас, биз ўшанда ғолиб чиққандик ва илк бор танилгандик", - дейди Месси.